Ru En
Uz
Jp

Сьюзан Г. Комен фонди билан келишув имзоланди

2012-01-20

Сьюзан Г. Комен фонди билан келишув имзоланди

“Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси Сьюзан Г. Комен номидаги кўкрак саратонига қарши кураш фонди (The Susan G. Komen Breast Cancer Foundation) билан ҳамкорлик келишуви имзолади. Бугунги кунга келиб фонд кўкрак бези саратонига қарши курашга қаратилган йирик хайрия ташкилоти ҳисобланади, қатор мамлакатларда хасталикни бошдан кечирган аёллар жамиятларини қўллаб-қувватлайди, касалликни даволаш бўйича методларни ишлаб чиқаришга маблағ ажратади ҳамда саратонни барвақт аниқлаш мақсадида жамият саводхонлигини оширишга ҳисса қўшиб келади. Имзоланган келишув “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони уюшмасининг юртимиздаги хайрия фаолиятини кенгайтириш ва ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.

Сьюзан Г. Комен номидаги кўкрак саратонига қарши кураш фонди

Сьюзан Г. Комен номидаги кўкрак саратонига қарши кураш фонди (The Susan G. Komen Breast Cancer Foundation) 100 минг нафардан ортиқ кўнгиллилар кўмагида бутун дунё бўйлаб аёллар ҳаёти учун кураш олиб боради. 1982 йилда Нэнси Бринкер 36 ёшида кўкрак бези саратони касаллигидан ҳаётдан кўз юмган опаси Сьюзан Ж. Комен хотирасига бағишлаб ушбу фондга асос солади. Мазкур касалликка қарши кураш бўйича халқаро даражада етакчи фондга айланган ушбу ташкилот кўкрак бези саратони соҳасидаги тадқиқотлар учун грантлар ажратиш ҳамда дунё бўйлаб таълимий, илмий ва хайрия дастурларини амалга ошириш орқали ўз вазифаларини амалга оширади. Бўлимлари, яқин ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийлар билан биргаликда жамғарма ҳар йили илмий изланишлар, таълим ва скрининг текширувлари дастурлари ва касалликни даволаш учун маблағ ажратади. Ҳозирги кунда фонд 50 дан ортиқ давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Сьюзан Г. Комен номидаги жамғарма Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон билан ҳамкорлик меморандуми имзолади.

“Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси

Ўз навбатида Ўзбекистонда сўнгги уч йил мобайнида мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари, “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси саъй-ҳаракати билан кўкрак бези саратони ва аёллар репродуктив тизимининг бошқа онкологик касалликларини барвақт аниқлаш, ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш жараёни фаоллаштирилди. Ҳар йили уюшма аёлларни тиббий-ижтимоий ва руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор кенгқамровли тадбирларни ўтказиб келмоқда. Хайрия акциялари, концертлар, “Ҳаёт учун!” аёллар ҳамжамиятига йўналтириладиган кимошди савдолари шулар жумласидан бўлиб, уларнинг мақсади кўкрак бези саратони касаллигига жамоатчилик эътиборини қратишдан иборат. “Ҳаёт учун!” хайрия форум марафони уюшманинг энг йирик оммавий лойиҳаси бўлиб, икки йил мобайнида унда республикамиз бўйлаб 38 минг киши иштирок этди.

Маълумот учун: “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмасининг турли лойиҳа ва акциялари доирасида юртимиз бўйлаб 15 минг нафар аёл бепул тиббий текширувдан ўтказилди. Натижада касаллик барвақт аниқланиб, аёлларни даволаш имконияти ошди. 300 дан ортиқ аёл умумий ҳисобда 900 млн. 430 минг сўмлик зарур дори-дармон билан таъминланди. Маммология, гинекология ва психология соҳасидаги хорижий мутахассисларнинг маҳаллий шифокорлар учун маҳорат дарслари мунтазам ўтказилмоқда.

Матбуот биз ҳақимизда

uzreport.com
buxoronoma.uz
"ИнтерФутбол"
uzssgzt.uz
iqbol.uz
region.uz
Нашрлари архиви

© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.

Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774