Кузнинг олтин либосини кийган азим Тошкент яна меҳмонларга қучоқ очди. Жорий йилнинг 12-17 октябрь кунлари "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси томонидан ҳар йили ўтказиб келинадиган Санъат ҳафталиги ташкил этилмоқда.
Мамлакатимизда аҳолининг, хусусан ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, ёш иқтидор эгаларининг юксак ижод чўққиларини забт этишлари йўлида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни такомиллаштиришда вазирликлар, бошқармалар ва ташкилотлар билан бир қаторда жамоат ташкилотлари хам ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшмоқдалар. Фонд Форум томонидан ташкиллаштирилаётган турли танловлар, ижодий фестиваллар, концерт дастурлари, кўргазмалар ва шу каби бошқа қатор лойиҳалар ижодий ва бошқа йўналишларда ўзини синаб кўраётган ёш иқтидор эгаларини аниқлаш ва қўллаб –қувватлашга, улар фаолиятини мамлакатимиз ва халқаро миқёсларда тарғибот ва ташвиқот қилишга, миллий анъана ва бой маданий меросни оммалаштиришга қаратилган. Бу каби лойиҳалардан бири Фонд Форум томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган санъат ҳафталигидир.
Art Week Style.uz санъат, анъаналар ва замонавийликнинг ўзига хос чорраҳасидир. Ушбу лойиҳа кенг кўламлилиги ва динамикаси, тадбирларининг турфа хиллиги билан барчани ҳайратга солиб, дунёга машҳур шахсларнинг эътиборини тобора кўпроқ ўзига жалб этмоқда. Art week - Санъат ҳафталиги — лойиҳанинг айнан мана шундай шакли дастлаб Style.uz концепцияси асосига қўйилган эди. Лойиҳа модалар ҳафталикларидан тубдан фарқ қилади, негаки, бу ерда фотография ва нодир буюмлар кўргазмалари, концертлар ва тақдимотлар, шунингдек, мода намойишлари бор. Style.uz ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мато, андоза ва либосларни ишлаб чиқаришнинг қадимий технологияларини тиклаш билан шуғулланувчи текстиль ҳамда тўқимачилик саноати усталари учун грант ажратишга асосий эътиборни қаратади. Ҳафталик дастури хилма-хиллиги ва кенг қамровлиги билан ажралиб туришини алоҳида таъкидлаш керак. Бир томондан амалий санъат усталарининг асарлари, бошқа томондан дизайнерларнинг маҳоратлари намойиши. Мода ва амалий санъат бир-бири билан баҳслашмайди, балки ўзаро уйғунликда замонавий маданиятнинг бир қисмини намойиш этади. Кўргазмада рассомлар, санъатшунослар ва халқ усталари уюшмаси машҳур усталарининг асарлари, шунингдек, таниқли ва эндигина иш бошлаган дизайнерлар томонидан яратилган замонавий либослар, пойабзаллар, аксессуарлар, ёш кашфиётчиларнинг ишлари (интерьер, web-дизайн), заргарлик кўргазмалари ва машҳур брендлар тўпламларидаги янгиликлар намойиш этилади. Кўргазма биринчи кундан бошланиб, Санъат ҳафталигининг сўнгги кунигача давом этади. Замонавий санъат халқаро Биенналеси Тошкентда Style.uz доирасида ўтказилди. Миллий либослар фестивали Марказий Осиёнинг бетакрор жилоси — ипак ва парча, кашталарнинг жумбоқли нақшлари ва заргарлик безакларининг нозикликларидан бахраманд бўлиш имконини берди. Маҳорат дарслари бошиданоқ Санъат ҳафталигининг ажралмас қисмига айланди. Замонавий, оммабоп ва машҳур мусиқалар ҳафталикнинг ҳар кунини безаб турибди. Art Week Style.uz меҳмонлари — кўзга кўринган хорижлик санъат арбоблари ва миллий ижодиёт вакиллари, санъат танқидчилари, рассомлар, мусиқачилар, кино, театр ва эстрада артистлари, мода саноати вакиллари — дизайнерлар, мода уйлари ва брендлар соҳиблари, моделлар, етакчи нашрларнинг муҳаррир ва журналистлари, фотографлар, Ўзбекистон ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган кўплаб таниқли профессионаллардир.
Шунинг учун ҳам Ҳафталикнинг дастлабки тадбирларидан бири пойтахтдаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган Амалий санъат, дизайн ва мода кўргазмаси бўлди. Мамлакат ёшлари ижоди ва иқтидорини рағбатлантириш мақсадида бунёд этилиб, ёшларга инъом қилинган улкан иншоот айнан шундай буюк ишлар учун аталган эди. Мамлакатда бу масалага катта эътибор қаратилмоқда, жумладан, қадим анъанавий халқ амалий санъати ва хунармандчиликни қайта тиклаш, сақлаб қолиш ва бойитиш, ушбу соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар учун шароит ва имкониятлар яратиб бериш каби ишлар доимий диққат марказда. Ўтказилган ушбу кўргазма буни яна бир бор исботлайди. Бутун ҳафта давомида ушбу кўргазмада пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари ажойиб амалий санъат намуналари билан танишиш имконига эга бўладилар. Уста ҳунармандларнинг сўнгги йилларда халқаро ва миллий кўргазмаларда намойиш этилган энг яхши ижод намуналари кўргазмадан ўрин олган. Улар қаторида уста Раҳимовлар сулоласининг аъзолари Акбар ва Алишернинг санъат асарлари ҳам намойиш этилмоқда. Кўргазманинг марказий қисмини миллий либослар банд этди. Булар қадимий технологиялар асосида қайта тикланган мутлақо янги намуналардир. Қолаверса, алоҳхида стендларда нақш ва чизгилар билан безатилган қадимий архитектура намуналарини ҳам учратиш мумкин. Ушбу ажойиб матоларни марғилонлик тўқувчилар қайта тикланган намуналар ёрдамида яратдилар. Шунингдек, кўргазмада сўзана, миллий либослар ва матолар, заргарлик буюмлари, қадимий технологиялар асосида дизайнерлар томонидан яратилган замонавий либослар, пойабзаллар, турли хилдаги аксессуар ва тақинчоқлар хам намойиш этилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу лойиха тадбиқ этилганидан буён ўзбекистонлик ёш истеъдодли усталарнинг ижод намуналари бир неча йиллар давомида Хитой, Россия, Чехия, Франция ва жаҳоннинг бошқа мамлакатларида ўтказилаётган халқаро фестиваллар, ижодий танловлар ва модалар ҳафталикларида алоҳида эътибор қозониб келмоқда. Бу ерда намойиш этилган янги матолар тўплами яқинда Миланда ўтказилган модалар ҳафталигида ҳам иштирок этиб, ҳафталикнинг кўплаб машҳур иштирокчиларининг ҳайратига сабаб бўлганди.
Санъат ҳафталигида намойиш этилган ёрқин тадбирлардан яна бири Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Акмал Нурнинг Фонд Форум кўмагида нашр этилган шахсий каталоги тақдимоти ва рассомнинг асарлари кўргазмаси бўлди.
Акмал Нур ҳамкасбларининг фикрича, у рассом сифатида алоҳида қобилиятга эга, чунки айнан Акмал Нур Шарқнинг энг яхши қадимий мумтоз санъати анъаналарини сақлаб қолган ҳолда уларга замонавий руҳият бахш эта олади.
Style.uz санъат ҳафталиги доирасида ташкилотчилар кўплаб иштирокчилар, меҳмонлар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларини таклиф этиб, олдиндан режалаштирилган матбуот анжуманини мутлақо ўзгача шаклда тақдим этишди.
Суҳбат эркин муҳитда, айни пайтда жуда ҳам жўшқин тарзда кечди. Кўп масалалар муҳокама этилган икки ярим соат вақт иштирокчиларга бир зумда ўтиб кетгандек туюлди.
Албатта, чуқур ҳиссиётларни уйғотган, ўтиб кетган тадбирлар, кўргазма ва тақдимотлар борасидаги таассуротлар билан ўртоқлашишга барча ошиқарди. Хусусан, Миср ва Ироқ журналистларида "МЕРОС" уюшмаси томонидан тақдим этилган қадимий буюмлар кўргазмаси алоҳида қизиқиш уйғотди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш масалалари, кўплаб лойиҳалар ва халқаро ҳамкорликка оид турли маълумотлар берилди. Фонд Форум ва унинг дунё миқёсидаги ўзаро маданий алоқалар ривожига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолаган Бутунхитой халқаро дўстлик ассоциациясининг иқтисодий ва маданий алоқалар бўйича маслаҳатчиси Гэ Чжили "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси билан имзоланган Ҳамкорлик Меморандуми ҳақида маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги Британия Кенгаши ваколатхонаси директори Стив Макналти, МДҲ давлатлари рассомлари бирлашмаси ижрочи директори Масут Фатxулин, профессор Мария Тереза Бигуристайн (Испания), австриялик рассом Рейнхард Бранднер ва бошқалар журналистларнинг саволларига жавоб беришди. Мазкур соҳадаги ютуқлари, Ҳафталикнинг уларга янги маълумотлар олиш, қизиқарли учрашувлар иштирокчисига айланиш ва янги ижодий ғоялар сари илҳом бағишлаётгани ҳақида сўзлаб берган ёшлар алоҳида фаоллик кўрсатишди.
Айниқса, шу куни Ўзбекистон Бадиий Академиясининг марказий кўргазмалар залида бошланган Замонавий санъат халқаро Биенналеси доирасидаги тадбирлар ҳақида тўлиқроқ маълумот олишга барча ошиқди. Бу ҳақда унинг директори, Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Хакимов маълумот берди.
Халқаро Биенналеда иштирок этиш учун Ўзбекистон пойтахтига дунёнинг 26 мамлакатидан рассомлар, санъатшунослардан иборат 100 га яқин иштирокчилар ташриф буюрдилар. Улар ичида бугун Ўзбекистон санъатини жаҳон маданияти доирасида муносиб ҳимоя қилаётган тасвирий санъатнинг кўплаб истеъдодли намоёндалари ҳам бор. Биеннале доирасида "Замонавий санъат — танлов стратегияси" номли илмий конференция ўтказиш ҳам режалаштирилган, унда Европа, Осиё ва Африкадан ташриф буюрган замонавий санъат таниқли танқидчи ва назариётчилари, рассомлар ва кўргазмали лойиҳаларнинг кураторлари иштирок этадилар. Ўзбекистон замонавий мода саноатини намойиш этувчи анъанавий Миллий либослар фестивали Санъат ҳафталигининг ажойиб якуни бўлади. Айнан шу намойиш ҳар йили энг яхши миллий ва замонавий мода йўналишини, бор бебаҳо меросимизни, замонавий иқтидор эгаларининг маҳоратини, ёш дизайнерларнинг янги услублари ва профессионаллар тажрибасини ўзаро уйғунликда кўрсатиб беради. Ҳар бир чиқиш оригинал шаклда тайёрланган, бу эса муҳлисларга унутилмас шоу гувоҳига айланиш имконини беради.
Санъат ҳафталигининг яна бир эсда қоларли тадбирларидан бири, шубхасиз, Миллий санъат марказида ўтказилган Миллий либослар фестивали бўлди. Фестивалда бой меросимизга асосланган, қайта тикланган технологиялар асосида яратилган замонавий шакл ва услубдаги миллий либослар намойиши, матоларнинг ранг-баранглиги ва анъанавийликнинг замонавий кўриниш билан ўзаро уйғунлаштирилгани кўпчиликни ҳайратга солди. Ҳар бир либос ўзига хос санъат асари даражасига олиб чиқилган.
Халқаро мутахассисларнинг фикрларига кўра, мазкур Санъат ҳафталиги — ўзбек маданияти ва санъати вакилларини халқаро майдонга олиб чиқиш йўлидаги яна бир жиддий қадамдир. Бундай йирик кўламдаги тадбир халқаро муносабатлар ва ижодиётни бойитиш учун ажойиб имкониятдир.
Манба: http://www.iqbol.uz/cgi-bin/main.cgi?lan=u&raz=0&nom=172&id=2327
© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.
Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774