Ru En
Uz
Jp

Истеъдод ва иқтидор: яратувчанликнинг моҳир устуни

Мамлакатимизда ўсиб, вояга етаётган ёш авлодни ҳар тамонлама мукаммал тарбиялаш, иқтидор ва истеъдод соҳиблари бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш, уларга ижод ва билим чўққиларини эгаллашларига кўмаклашиш, истеъдод ва интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқаришлари учун моддий ва маънавий жиҳатдан имконият даржасида шароитлар яратиш, республикамиз бўйлаб турли йўналишларда ижод қилаётган, ўз қобилиятини намоён этаётган ёшларни рағбатлантириш, уларнинг ижодини республика даражасига кўтариш, янги иқтидор қирраларини очиш, ёшлар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш мақсадида "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси", "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати миллий кенгаши ҳамкорлигида ёшларнинг "Келажак овози" Республика кўрик-танлови мана уч йилдирки, ўзига хос тарзда ўтказиб келинади. Ҳар йилгига қараганда бу йил иштирокчилар сони нисбатан ортиб, номинациялар қаторига янги спорт йўналиши жорий этилди. Хабарингиз бор, республикамизнинг барча ҳудудларида саралаш босқичлари бўйича тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шу маънода жорий йилнинг 13-15 август кунлари Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳам танловнинг саралаш босқичлари ниҳоясига етказилди.

"Келажак овози" Республика ёшлар танлови ташкил қилинган йиллардаёқ ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди. 2005 йил танловнинг саралов босқичларида барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳридан 3187 нафар йигит-қиз иштирок этди. Шундан 260 нафари Республика босқичига йўлланма олиб, улар орасидан 40 нафаригина "Келажак овози" мега-танловининг 2005 йил мутлақ ғолиблигига эришган эди. Қарангки, танловнинг муваффақиятли ўтгани ва кенг жамоатчилик эътиборига тушганлиги сабабли 2006 йилда "Келажак овози" кўрик-танловининг жамоатчилик кенгаши тузилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати кўмагида 2006 йил март ойида "Келажак овози" лойиҳасига миллий мақом берилиб, унинг ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган барча бирлашма ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлик механизми ишлаб чиқилди. Ўтган йилнинг май ойида эса "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси қошида фаол ёшлар саъй-ҳаракати билан "Келажак овози" ёшлар ташаббуслари маркази тузилиб, мақсадли вазифаларга қаратилди. Ушбу марказ ўз-ўзини бошқариш асосида тузилган бўлиб, у "Келажак овози" амалий танловининг пойдеворини яратмоқда. Унда фаол ва интилувчан ёшлар, шулар қаторида "Келажак овози" танловининг бўлажак иштирокчилари марказ орқали ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиши, билим ва малакаларини ошириши, ўз истеъдодини ривожлантириш устида биргаликда ишлаши мумкин. Яратилган кенг шарт-шароит ва имкониятларнинг барчаси ёшлар учун экан, бу йўлда республикамизнинг турли ҳудудларидан бугун ҳар томонлама истеъдодли, иқтидорли ёшлар ўз-ўзидан шаклланиб бормоқда.

Янги ғоялар, интеллектуал қарашлар, замонавийлик акс этган моҳирона кашфиётлар, бизнес режалару, архитектура ва дизайн санъатининг нодир намуналарини яратишга қодир ёшлар бор экан, улар меҳнатини қадрламай, эъзозламай бўлмайди, албатта. Ана шундай масъулиятли ишга бутун фаолиятини бахшида этган "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси том маънода истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида етакчилик қилаётган жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади. Навбатдаги Тошкент шаҳри ва вилояти саралаш босқичида жами 3306 нафар қатнашчидан аризалар қабул қилинди.

Танлов ўз ичига бугунги ёшлар учун қизиқарли бўлган санъат ва ижтимоий фанларнинг турли йўналишларини қамраб олади. Бу эса ўз навбатида ёш иштирокчиларнинг профессионал ва ижодий қарашлари кенглигини белгилаб беради: булар ёзувчи, рассом, журналист, иқтисодчи, социолог, психолог, ахборот технологиялари мутахассислари ва бошқалардир.

Таъкидлаш жоизки, бу йилдан эътиборан танловга спорт номинацияси ҳам қўшилди. Бундан ташқари, эндиликда танлов ғолиблари мамлакатимиздаги хоҳлаган олий ўқув юртига имтиёзли қабул қилинади. Тошкент шаҳри ва вилоятидан жами 3306 нафар иштирокчи қатнашган бўлса, уларни номинациялар асосида қуйидагича тақсимлаш мумкин:

Тасвирий ва амалий санъат — 810 нафар;

Архитектура ва дизайн — 315 нафар;

Рационализаторлик таклифлар, техник лойиҳалар ва ишланмалар — 84 нафар;

Ижтимоий лойиҳалар ва бизнес режа — 84 нафар;

Бадиий ижод ва публицистика — 1320 нафар;

Ахборот ва коммуникация технологиялари — 183 нафар;

Спорт йўналишида эса 410 нафар иқтидорли ва истеъдодли ёшлар қатнашиб, ўзаро беллашдилар.

Қуйида танлов иштирокчиларининг фикрлари ва янгича қарашлари билан қизиқдик.

Жамшид Мирсолиев 1986 йилда Тошкент вилояти, Келес туманида дунёга келди. У мактабда ўқиб юрган кезлари санъатга, мусиқа ва маданиятга бўлган қизиқишлари билан бир неча бор танлов ва тадбирларда иштирок этди. Гарчи унинг оиласида санъат йўлини танлаган инсонлар бўлмасада, лекин Жамшид бу йўлдаги интилишларининг бош сабаби ота-онасининг диққат-эътибори ва назарида эканлигидан деб билади. У дастлаб Ш. Ёрматов номидаги "Булбулча" рақс-ансамблида иштирок этиб, илк ижод намуналарини тўгарак ҳаётида яратиб боради. Кейинчалик у санъатга бўлган астойдил қизиқишлари туфайли Ю. Ражабий номли педагогика коллежини тамомлаб, Ўзбекистон давлат консерваториясининг "Эстрада хонандалиги" факультетига қабул қилинади. У ўқиш жараёнида кўп бора "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг байрам тадбирларида бошловчи, ҳаваскор хонанда сифатида фаол қатнашади. Институтда ўтказилган "Ўзбекистон Ватаним маним", "Ўзбекистон композиторлари" сингари мусиқа-танловларида муносиб ўринларни эгаллаб келган. Жамшид институтнинг битирувчи талабаси. У бу ерда санъатнинг нозик сирларини устози Павел Борисовдан мукаммал ўрганиб келмоқда. Ўз санъат услубини яратаётган, ёш ҳаваскор Жамшид Мирсолиевнинг ижодини кузатар экансиз, унинг янги "Овора", "Кел" сингари қўшиқлари, ундан ташқари, хорижий тилларда маромига етказиб ижро этилган янги қўшиқлар сараси сизни бефарқ қолдирмайди. Тинимсиз изланишларда меҳнат қилаётган қаҳрамонимиз "Келажак овози" Республика ёшлар танловининг "Бадиий ижод" номинацияси бўйича иштирок этмоқда.

— Гоҳида бу йўлни танлаб адашмадиммикан, деб ўйлаб қоламан. Чунки, санъатнинг йўли қанчалик оғир ва машаққатли эканлигини мана энди англаб етяпман. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир санъаткор учун ягона, нодир асар намунасини яратиш ўз-ўзидан туғилиб қолавермас экан. Мен ўйлайманки, бу танлов ҳар бир иштирокчининг дунёқарашини ўзгартириб, янгиликка, санъатга бўлган қизиқишини орттиради. Айниқса, танлов жараёнида ўз маҳоратимизни тажрибали ҳайъат аъзолари олдида синаб кўриш, ижро санъатини кўрсатиш, назаримда, ҳар бир тенгдошим учун катта мактаб бўлса керак, — дейди Жамшид Мирсолиев биз билан суҳбатда.

Биз ҳам ўз ўрнида унинг ишларига омад тилаб қоламиз.

Жанона Маҳкамова 1989 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Зиёли оилада тарбия топганлиги учун 1995-2003 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги 241-ўрта мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, азалий орзуси бўлган — тиббиёт ходими бўлишдек шарафли касб йўлини танлаб, илк таълим бос-қичини П. Ф. Боровский номли тиббиёт коллежидан бошлайди. У бу ерда тиббиётнинг сиру синоатлари, қийинчилигу машаққатларини енгиб ўтишга астойдил ҳаракат қилиб, ўз устида тинимсиз ишлайди. Лекин Жанона бўш қолди дегунча асосий вақтини тикувчиликнинг қуроқ йўналиши бўйича нодир асарлар, ноанъанавий янги намуналарини яратишга интилади. Ундаги бу қизиқиш мактаб давридаёқ пайдо бўлади. У ўзининг биринчи устози сифатида мактабдаги меҳнат дарси ўқитувчиси, давлат таълим стандартига биринчи бўлиб қуроқ йўналишини олиб кирган "Шуҳрат" медали совриндори, волидаи муҳтарамаси Гули Маҳкамовани тилга олар экан, илк қизиқишлари ва саъй-ҳаракатларининг бош сабабчиси меҳрибон онажониси эканлигини таъкидлайди. Ҳақиқатда қуроқ йўналиши тасвирий санъат намуналари орасида энг мураккаб ва нозик санъат йўналиши ҳисобланади. Айни пайтда Жанона танловда "Тасвирий ва амалий санъат" номинациясининг қуроқ йўналиши бўйича иштирок этмоқда. У кўп бора мактаб пайтларида Республика танловларида қатнашиш бахтига муяссар бўлади. Жумладан, 2000-2001 йилларда ўтказилган "Иқтидорли болалар" анжуманида фахрли 1-ўринни, "Қўли гул уста" (2001), "Зукко авлод — 2002" 11-шаҳар фестивалида ҳам асосий ўринларни қўлга киритиб келди. Ҳозирги танлов босқичида у дастурхон, болалар кўрпаси ва ёстиқ жилдларидан иборат қуроқ намуналари билан иштирок этди.

Наргиза Раҳмонова Тошкент вилояти, Бекобод шаҳрида таваллуд топган. Айни кунда А. Навоий номли 9-ўрта умумтаълим мактабида таҳсил олади. У бу йил танловда "Бадиий ижод" номинациясининг шеърият йўналиши бўйича иштирок этмоқда. Наргиза серқирра ижодкор. У ёшлигиданоқ шеърлар ёдлашга, ўзи ҳам кичик-кичик шеърлар ёзишга қизиқарди. Ана шу қизиқиш ва интилиш Наргизани шеърият бўстонига олиб кирди. Унинг илк шеъри "Ватаним" деб номланиб, 9 ёшида "Эрудит" газетасида чоп этилган. Ҳозирга келиб Наргизанинг ижодий ишлари 300 дан ортиқ, уларнинг аксарияти республикамизнинг "Ғунча", "Билағон", "Мезон", "Эрудит", "Тонг юлдузи", "Тошкент ҳақиқати", "Бекобод ишчиси", "Оила ва жамият", "Соғлом авлод" сингари газета ва журналларида нашр этиб келинмоқда. 2003 йилда Мустақиллигимизнинг 12 йиллигига бағишлаб ўтказилган "Мустақиллик менга нима берди?" Республика иншолар танловида у фахрли I ўринни, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ташаббуси билан ўтказилган "Истеъдод — 2004" иқтидорли болалар анжуманида эса 3-ўринни қўлга киритган.

Анъанавий тарзда ўтказиладиган "Йил сардори" Республика кўрик-танловининг 2006-2007 йилларда бўлиб ўтган вилоят босқичларида "Сардор – 2006", "Сардор – 2007" номинацияларида мутлақ ғолибликка, 2007 йил "Йилнинг энг ташаббускор сардори" номинациясида муносиб ўринга эга бўлган. Наргиза ёш бўлишига қарамасдан "Камалак" болалар ташкилотининг сардорлар кенгаши раиси вазифасида ҳам фаолият юритади. У ўтказилган навбатдаги саралов босқичида бокс бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев шарафига бағишлаб, "Миллат ғурури" номли шеърини ҳайъат аъзоларига тақдим этди. Наргизанинг келажакдаги орзуси Зулфия номидаги давлат мукофотининг ғолиби бўлишдир.

Жамшид Ибадов "Келажак овози" Республика кўрик-танловининг "Ижтимоий лойиҳалар ва бизнес режа" номинацияси бўйича қатнашиб, ўзининг изланишлари асосида ҳайъат аъзоларига мармар чиқиндиларидан янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қурилиш материал ва биноларининг ташқи жойларига ишланмалар тайёрлаш, декоратив мақсадларга жавоб берадиган янги бизнес лойиҳасини тақдим этди. Мазкур ишдан кўзланган асосий мақсад бу — аввало, лойиҳанинг келажакдаги муваффақияти, сотиш пунктидаги мураккабликларни бартараф этиш орқали ягона самарадорликка эришишдир.

Жамшид Чилонзор туманидаги 131-мактабни тамомлаб, Тошкент Молия лицейига ўқишга қабул қилинади. Сўнгра, 1998 йил Тошкент Молия институтининг бакалавр, 2002-2004 йиллар оралиғида эса магистратура босқичини муваффақиятли тамомлайди. У айни кунда пойтахтимиздаги "Кредит стандарт" банкида бош мутахассис лавозимида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон иқтисодини юксалтириш йўлида тинимсиз изланаётган яратувчан, истеъдодли қаҳрамонимиз Жамшид Ибадов бир неча бор иқтисодиёт бўйича эълон қилинган "Энг яхши мақола" танловида қатнашиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритади. У мазкур лойиҳани амалга ошириш чоғида бир нечта иқтисодиёт корхоналарининг амалдаги фаолиятини ўрганиб, маркетинг тадқиқотларини олиб борди.

– Бизнес режани келажакда такомиллаштириб, унинг халқ манфаатлари йўлида хизмат қилишини таъминлаш бош мақсадим экан, бу йўлда доимий изланишлар, янгидан-янги ғояларни кашф қилишга ҳаракат қилишим кераклигини бугун давр талаб қилмоқда, – дейди биз билан суҳбатда Ж. Ибадов.

Аҳолига ҳам қулайлик, ҳам эҳтиёжлар учун мукаммал хизмат қиладиган мақсадли ғоялар ҳеч қачон ерда қолмаслигини билган Жамшид келгусида ҳам бу ишларни янада жадаллик билан давом эттиришга астойдил ҳаракат қилмоқда. Унинг танловда тақдим этган бизнес лойиҳаси ўйлаймизки, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Манба: http://www.uzssgzt.uz/cgi-bin/main.cgi?lan=u&raz=3&god=2010&mes=1&id=25

Матбуот биз ҳақимизда

uzreport.com
buxoronoma.uz
"ИнтерФутбол"
uzssgzt.uz
iqbol.uz
region.uz
Нашрлари архиви

© «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, 2004—2012

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Фонд Форумнинг веб-сайтидаги мақолалар ва бошқа материалларни ёзма рухсатдан бошқа йўллар орқали кўчириш, акс эттириш (жумладан, Интернет тизимидаги сайтларда тасвирлаш ёки таҳлил қилиш), қайта ишлаш, тарқатиш, эфирга узатиш, Фонд Форум веб-сайтининг мақолалари ва бошқа материаллардан ҳар қандай усулда фойдаланиш таъқиқланади ва Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилигида кўрсатилган тартибда жавобгарликка тортилади.

Манзил: Тошкент ш., Ўзбекистон шохкўчаси, 80
Тел/Факс: (998 71) 239-2771, 239-2774